МАГАТЭ билан ҳамкорликда онкология соҳасида мутахассислар тайёрланади
2024-09-19 14:05:00 / Янгиликлар
Тадбир доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худаяров ва МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Самимий ва дўстона руҳда кечган мулоқотда томонлар сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётганини мамнуният билан қайд этди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда мамлакатимиз агентлик билан ядровий тиббиёт, шу жумладан тиббий нурланишда радиологик ҳимоя меъёрларини такомиллаштириш, нур терапияси ускуналарини модернизация қилиш, диагностик радиология сифатини ошириш каби қатор соҳаларда ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Учрашувда яна бир муҳим йўналиш — Тошкент шаҳрида янгидан барпо этилган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази учун мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича келишув имзоланди.
— Ушбу лойиҳа онкологик касалликларни диагностика қилиш ва даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш, пировардида Ўзбекистонда онкология хизматининг сифати ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Биз икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрмиз, — деди Р.Гросси.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари шу йил август ойида марказда яратилган қулайлик ва имкониятлар билан танишиш чоғида ходимларни ўқитиш, муассасада самарали бошқарувни йўлга қўйиш топшриғини берган эди. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши ана шу вазифалар ижросига қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
Учрашув якунида А.Худаяров МАГАТЭ бош директорини юртимизда ядровий тиббиёт соҳасида эришилган ютуқлар билан яқиндан танишиш учун Ўзбекистонга таклиф қилди.