Италия бизнес доираси вакиллари билан давра суҳбати ўтказилди
2023-07-25 18:10:26 / Янгиликлар

Шу кунларда Азиз Воитов бошчилигидаги Ўзбекистон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаси делегацияси Италияда ташриф билан бўлиб турибди. Ташриф давомида Италиянинг Чезена шаҳрида йирик итальян компаниялари вакиллари, маҳаллий тадбиркорлар билан давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда халқаро озиқ-овқат кўргазмалари ташкилотчиси «Macfruit» компаниясининг президенти Ренцо Пираззини, CERMAC агротехника ишлаб чиқарувчилар уюшмаси президенти Энрико Турони, Романья Форли-Чезена ва Римини музофотлари тижорат палатаси президенти Карло Баттистини каби Италия бизнес доирасининг юзга яқин вакиллари қатнашди.
Давра суҳбатида итальян тадбиркорлар Ўзбекистон озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг имкониятлари, тармоқда олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамда соҳанинг экспорт салоҳияти билан таништирилди. Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун бериладиган имтиёзлар ва қулай имкониятлар ҳақида сўзлаб берилди.
Италия бизнес доираси вакиллари Ўзбекистон аграр соҳасига катта қизиқиш билдириб, агроозиқ-овқат йўналишидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун барча имкониятлар мавжудлигини эътироф этдилар. Жумладан, CERMAC агротехника ишлаб чиқарувчилар уюшмаси президенти Энрико Турони сўзга чиқиб, июль ойи бошида Ўзбекистон томони билан меморандум имзоланганини алоҳида таъкидлади ва икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги учун машиналар, жиҳозлар ишлаб чиқариш ва замонавий агротехнологияларни жорий қилиш борасида узоқ муддатли алоқаларга асос солинганидан мамнунлигини билдирди.
Давра суҳбати дўстона мулоқот руҳида ўтди, Италия тадбиркорлари ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Айтиш ўринлики, ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси «Unitec» компаниясида бўлиб, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ва саралаш линияси билан танишди. Шунингдек, селекция-уруғчилик фаолиятига ихтисослашган «SAS Seeds» компаниясида итальян уруғчилигининг сўнгги ютуқлари ўрганилди.


