Ўзбекистон ва Корея ўртасида сунъий интеллект соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-15 09:25:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Корея ва Марказий Осиё давлатларида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд имкониятлар ва истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистоннинг 2030 йилгача Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси, шунингдек, мамлакатда сунъий интеллект соҳасини ривожлантириш, илғор технологияларни жорий этиш ва соҳадаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларидан инсон манфаатларига хизмат қиладиган, масъулиятли ва самарали тарзда фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Йиғилиш давомида Кореянинг етакчи сунъий интеллект компаниялари, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш, таълим дастурларини амалга ошириш ҳамда технологик лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Тадбир якунида «Корея – Марказий Осиё: Келажакдаги сунъий интеллект, илм-фан ва технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик ташаббуси» қабул қилинди.

