Ҳиндистон Республикаси Молия вазири билан учрашув бўлиб ўтди
2026-09-15 09:20:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги иқтисодий ва молиявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Эришилган келишувларни амалий жиҳатдан илгари суриш, ўзаро манфаатли ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликнинг янги йўналишларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, жорий йилнинг август ойида Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Модининг Ўзбекистонга ташрифи якунлари, хусусан, икки давлат молия вазирликлари ўртасида англашув меморандуми имзоланганлиги мамнуният билан қайд этилди.
Мулоқот давомида Ҳиндистоннинг фармацевтика ва тиббиёт саноатидаги илғор тажрибасидан фойдаланиш, ушбу йўналишда алоқаларни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шунингдек, юқори технологиялар, хусусан, яримўтказгичлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Ҳиндистоннинг ушбу йўналишдаги тажрибаси ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Ўзбекистонда технологик ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда малакали мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик имкониятларига эътибор қаратилди.
Томонлар стартаплар ва инновацион тадбиркорлик соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этдилар. Икки мамлакат стартап экотизимлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, истиқболли инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва янги ҳамкорлик йўналишларини шакллантириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш, иқтисодий ва молиявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича мулоқотни давом эттириш ҳамда истиқболли ташаббусларни биргаликда илгари суришга келишиб олдилар.
