Тошкентда “Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” ташкил этилади
2024-09-18 09:25:00 / Янгиликлар

Бу ҳақда Самарқандда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг "Globogate Concept AG" концерни ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасида белгилаб қўйилди.
“Даволаш бўйича Европадаги иккинчи йирик Университет клиникаси Аахен билан биргаликда Тошкентдаги Абу Али Ибн Сино номидаги 1-Республика тиббиёт техникуми базасида немис тиббий-таълим дастурлари асосида “Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” ташкил қилинади. Бир йил давомида касб ва тил ўргатилади. Муҳими, улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритади”, - деди "Globogate Concept AG" концерни бош директори Санг Ву Пай.
Шартномада фуқароларимизнинг ҳуқуқлари икки давлат қонунлари билан ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга Германия темир йўллари ("Deutsche Bahn”) учун мутахассислар тайёрланади
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Германиянинг “DB Engineering Consulting Operations Group” компанияси ўртасида айни мақсадга қаратилган баён имзоланди.
"Deutsche Bahn” - Германиянинг асосий темир йўл оператори саналади. 100% давлат иштирокидаги акциядорлик жамияти. Компаниянинг умумий айланма капитали 76 млрд 303 миллион еврони ташкил қилади.
Эндиликда Германияда транспорт, муҳандислик соҳаларида ишлаш истагида бўлган юртдошларимиз ушбу давлат стандартлари асосида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Транспорт вазирликлари қошидаги касбий таълим муассасаларида германиялик мутахассислар томонидан тил ва касбга ўргатилади.
“Германия темир йўл транспорти, автобус, метрополитен тизими учун мутахассисларга эҳтиёжимиз баланд ва уларни немис стандартлари асосида Ўзбекистонда ўқитиб, касб ва тил имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни эса “Deutsche Bahn” тармоғига ишга жойлаштиришга тайёрмиз”,– деди Нико Варбанофф
