Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
2026-09-14 09:50:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида ҳаво кемаларини техник қўллаб-қувватлаш, авиатехникага техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш соҳасидаги компетенцияларни ривожлантириш масалалари, шунингдек, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача ҳаво кемалари паркини икки бараварга ошириш режаларини инобатга олган ҳолда узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Хусусан, Airbus A320 ceo/neo ва Boeing 787 ҳаво кемалари бутловчи қисмларини техник қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги келишувни 2035 йилгача узайтиришга, шунингдек, LEAP-1А ва CFM56-5Б авиа двигателларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Келгуси 10 йиллик ҳамкорлик истиқболлари, жумладан, “Uzbekistan Airways Technics” учун техник компетенцияларни ривожлантириш ва имкониятларни кенгайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида транспорт вазири И.Махкамов “Lufthansa Technik” ва Тошкент давлат транспорт университети ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйиш, хусусан, авиация-техника факультети талабалари учун стажировкалар ташкил этиш, шунингдек, фуқаро авиацияси соҳасида қўшма таълимий ва касбий дастурларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қилди.
Ушбу йўналишнинг ривожланиши юқори малакали авиация мутахассисларини тайёрлашга, халқаро тажрибани жорий этишга ва Ўзбекистон авиация соҳасининг кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Маълумот учун: Lufthansa Technik (LHT) — авиатранспортга техник хизмат кўрсатишга ихтисослашган немис компанияси бўлиб, у Lufthansa авиакомпаниясининг шўба корхонаси ҳисобланади.
Lufthansa Technik ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича дунёдаги бешта энг йирик компания қаторига киради. Унинг фаолияти авиатранспортга техник хизмат кўрсатиш, уни таъмирлаш ва модернизация қилиш, шунингдек, бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришни ўз ичига олади.

