Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди
2026-09-11 10:30:00 / Янгиликлар

Саммит доирасида турли давлатлар, халқаро ташкилотлар ва йирик компаниялар вакиллари иштирокида космик технологиялар, инновациялар, илмий-техник тараққиёт ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинмоқда. Тадбир, шунингдек, давлатлар ва хусусий сектор ўртасида мулоқотни кучайтириш, янги технологик ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Ташриф доирасида Президент администрациясининг Молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект бўйича департаментининг раҳбари Бобур Ходжаев, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов La French Tech марказий офиси директори Жюли Юге билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Франциянинг технологик ва стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, француз стартапларининг Ўзбекистон бозорига кириб келиши ҳамда маҳаллий стартапларнинг Франция ва Европа бозорларига чиқиши учун имкониятларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
La French Tech Франциядаги юқори ўсиш салоҳиятига эга стартаплар ва технологик компанияларни қўллаб-қувватлаш, уларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда инвесторлар ва технологик экотизим иштирокчилари билан боғлашга қаратилган ташаббусларни амалга оширади. Ташкилот Business France ва бошқа давлат ҳамкорлари билан биргаликда Францияда ўз фаолиятини бошлаш ёки кенгайтиришни режалаштираётган халқаро стартаплар, инвесторлар ва технологик компанияларга турли йўналишларда кўмак кўрсатади.
Учрашувда La French Tech томонидан амалга оширилаётган асосий дастурлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Томонлар Ўзбекистон ва Франция стартап экотизимлари ўртасидаги ҳамкорликни институтсионал жиҳатдан мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, IT Park Uzbekistan ва La French Tech ўртасида Англашув меморандумини тайёрлаш, Ўзбекистонда унинг фаолиятини йўлга қўйиш ва ваколатхонасини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, француз стартапларини Ўзбекистон бозорига жалб қилишда IT Park’нинг Soft Landing ва Startup Exchange дастурларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, ташкилот вакиллари ICT WEEK Uzbekistan халқаро тадбирида иштирок этишга таклиф қилинди.

