Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар юзасидан фикр алмашилди
2024-09-17 09:35:00 / Янгиликлар

Учрашувда ХВЖнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Коба Гвенетадзе, ХВЖнинг катта иқтисодчилари Лауренс Двайт ва Алехандро Симоне ҳамда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарув раиси Мамаризо Нурмуратов, Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосарлари Ахадбек Хайдаров ва Жасур Каршибаев ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистондаги жорий иқтисодий тенденциялар, хусусан, иқтисодий ўсиш, инфляция даражасининг барқарорлигини таъминлаш, хизматлар соҳасини ривожлантириш, бюджет прогнозлари юзасидан ва бошқа соҳаларда амалга оширилаётган ишлар бўйича муҳокамалар ўтказди.
Шунингдек, суҳбатда томонлар иқтисодиётни барқарор ривожлантириш бўйича келажакдаги режалар, солиқ тизимини такомиллаштириш, давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш истиқболлари, яширин иқтисодиётни камайтириш ва электр билан ҳаракатланувчи автомобиллар саноатини ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш ҳамда олдинга қўйилган мақсадларга эришишда тизимли фаолият олиб боришга келишиб олдилар.

