Ўзбекистон ва Япония узоқ муддатли инвестициявий кун тартибини шакллантирмоқда
2026-09-10 16:00:00 / Янгиликлар

Йиғилишга Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Япония–Ўзбекистон қўмитаси раиси, Mitsubishi Corporation президенти катта маслаҳатчиси Масаюки Танимото ҳамраислик қилди.
Муҳокамаларда Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат давлат вазири Кенжи Ямада, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кенжи Ҳирата, тегишли идоралар, молия институтлари, бизнес уюшмалари ва компаниялар раҳбарлари иштирок этди. Япония томонидан 130 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, етакчи корпорациялар ва тараққиёт ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Япония бизнесининг юқори қизиқиши 2025 йил декабрь ойида “Марказий Осиё + Япония” саммити ва давлат ташрифи доирасида эришилган келишувларга асосланади. Ўша пайтда шакллантирилган умумий қиймати 12 миллиард долларлик 75 та лойиҳадан иборат портфель узоқ муддатли кун тартибини белгилаб берди ва ҳозирда асосий эътибор уни изчил амалга оширишга қаратилган.
Ушбу ишлар учун Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиш суръатлари қулай асос бўлиб хизмат қилмоқда. 2025 йилда иқтисодиёт 7,7 фоизга, жорий йилнинг биринчи ярмида эса 8,5 фоизга ўсди.
Замонавий технологиялар ва инфратузилмага бўлган талабнинг ортиб бораётганини ҳисобга олиб, томонлар энергетика, кимё саноати, машинасозлик, критик минераллар, соғлиқни сақлаш ва IТ соҳаларини устувор йўналишлар сифатида белгилади. Корхоналарни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, рақамлаштириш ва ташқи бозорларга чиқиш умумий устувор вазифалар сифатида қайд этилди.
Тармоқ таклифларини тезроқ амалий босқичга ўтказиш мақсадида инвесторлар учун молиявий ва ташкилий шарт-шароитлар алоҳида кўриб чиқилди. Носуверен молиялаштиришни кенгайтириш ва махсус иқтисодий зона ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу воситалар мажмуаси капитал, тайёр ишлаб чиқариш майдонлари ва зарур инфратузилмадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Рақамли иқтисодиёт ҳам ўсишнинг муҳим захираларидан бири сифатида қайд этилди. Ҳозирда 20 дан ортиқ Япония компанияси IT Park Uzbekistan резиденти ҳисобланади, мамлакатнинг IТ-хизматлари умумий экспорти эса 1 миллиард доллардан ошган. Бу аутсорсингни кенгайтириш, рақамли ечимларни Япония бозорига олиб чиқиш ва технологик ишланмаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратмоқда.
Йиғилишнинг амалий қисми Ўзбекистоннинг тегишли идоралари, Япония корпорациялари, таълим ва молия ташкилотлари вакилларининг тақдимотлари билан давом этди. Саноат кооперацияси, рақамли трансформация, минерал ресурсларни ўзлаштириш, кадрлар тайёрлаш ва бизнесни қўллаб-қувватлаш воситалари асосий эътибор марказида бўлди. Бундай формат тармоқларнинг эҳтиёжларини салоҳиятли ҳамкорларнинг технологиялари ва компетенциялари билан уйғунлаштириш имконини берди.
Йиғилиш якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Дастур икки мамлакат компаниялари ўртасида кейинги қадамларни келишиб олиш ва янги алоқаларни йўлга қўйишга қаратилган бевосита музокаралар ҳамда ишбилармонлик мулоқотлари билан давом этди.


