Халқаро молия корпорацияси вакиллари билан ДХШ лойиҳалари ва хусусийлаштириш жараёнлари юзасидан фикр алмашилди
2024-09-16 10:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда ХМКнинг Ўзбекистон ва Туркманистондаги минтақавий бошқарувчиси Нил Маккейн, ХМКнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори Сажида Ташпулатова, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Жасур Каршибаев ва Отабек Фозилкаримов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар давлат-хусусий шериклик юзасидан ўзаро ҳамкорлик, хусусан, электр энергия тармоқларини модернизация қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт ва сув хўжалиги соҳаларида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича ўзаро фикр алмашди ҳамда соҳалардаги ДХШ лойиҳаларини жадаллаштириш бўйича муҳокамалар ўтказди.
Ўз навбатида, Халқаро молия корпорацияси вакиллари мамлакатимизда ДХШ лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 30 августдаги “Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорининг муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳамда ушбу қарор истиқболда ДХШ йўналишини янги босқичга олиб чиқишда навбатдаги улкан қадам бўлганлигини таъкидлади.
Шунингдек, суҳбатда томонлар хусусийлаштириш соҳасидаги бугунги тенденциялар, жумладан, давлат иштирокидаги банклар ва корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини кенгайтириш, Ўзбекистонда электромобил саноати ва соҳа инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш ҳамда олдинга қўйилган мақсадларга эришишда тизимли фаолият олиб бориш ва самарадорликни оширишга келишиб олдилар.


