“Устюрт” битими бўйича Бошқарув қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди
2026-09-08 09:55:00 / Янгиликлар

Йиғилишда Битим доирасида 2025 йил ва 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда геология-қидирув ишларининг кейинги босқичлари муҳокама қилинди.
Хусусан, “Бойтерак”, “Теренгқудуқ”, “Бирқори”, “Харой”, “Қорақалпоқ” ва “Қулбой” инвестиция блокларини қамраб олган ҳудудда 3D дала сейсмик-қидирув ишлари якунлангани қайд этилди. Олинган маълумотлар Устюрт минтақасидаги истиқболли нефть ва газ объектларини янада чуқур ўрганиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Лойиҳанинг навбатдаги босқичида сейсмик маълумотларни қайта ишлаш ва геологик жиҳатдан таҳлил қилиш, шунингдек, қидирув қудуғини бурғилашга тайёргарлик кўриш режалаштирилган.
Йиғилиш якунида томонлар Устюрт минтақасининг углеводород салоҳиятини чуқур ўрганиш ва ундан самарали фойдаланишга қаратилган лойиҳани биргаликда давом эттиришни жадаллаштиришга келишиб олдилар.

