Хорижлик экспертлар билан АТ инвестиция муҳитини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди
2026-09-07 15:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистоннинг АТ инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш, инвестицияларни жалб қилиш жараёнларини самарали ташкил этиш ва мазкур йўналишда фаолият юритаётган ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, турли соҳалар ва ҳудудларда инвестиция жалб қилиш билан шуғулланаётган тузилмалар ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш, инвесторларга ягона ва тушунарли ёндашувни шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, кичик ва ўрта хорижий компаниялар учун Ўзбекистон бозорига кириш жараёнини енгиллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат давомида АТ соҳасида инвесторлар билан ишлашда шаклланган самарали ёндашувларни бошқа тармоқларга ҳам татбиқ этиш имкониятлари муҳокама қилинди. Бунда инвесторларга мамлакатга кириб келишидан тортиб, лойиҳани амалга оширишга қадар бўлган жараёнда ҳамроҳлик қилиш инвестиция муҳитини яхшилашнинг муҳим омилларидан бири экани қайд этилди.
Шу билан бирга, Enterprise Uzbekistan ва бошқа инвестиция платформалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларнинг фаолиятини ўзаро мувофиқлаштириш ҳамда инвесторлар учун ушбу имкониятлар ҳақида аниқ ва тизимли ахборот етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни давом эттириш, АТ соҳасида инвестицияларни жалб қилиш жараёнларини такомиллаштириш бўйича амалий таклифларни ишлаб чиқиш ва ўзаро алоқаларни янада кучайтиришга келишиб олдилар.

