Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-09-07 10:05:00 / Янгиликлар

Учрашувда ХВЖнинг Фискал ишлар департаменти Давлат молиясини бошқариш бўлимининг катта иқтисодчилари Аманда Саег ва Наталия Салазар ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида фискал бошқарув самарадорлигини ошириш, давлат молиясини бошқариш амалиётини янада ривожлантириш ҳамда фискал бошқарувни такомиллаштиришга қаратилган илғор ёндашувлардан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида фискал интизомни таъминлаш давлат молиясини бошқаришнинг муҳим шартларидан бири экани қайд этилиб, бюджет даромадлари ва харажатлари ўртасидаги мутаносибликни таъминлаш, бюджет тақчиллигининг миқдори ва чегараларини белгилашда янги ёндашувлардан фойдаланиш имкониятларини кўриб чиқиш ҳамда бюджет ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, музокараларда бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида даромадларни прогнозлаштириш ва харажатларни режалаштириш сифатини ошириш, бюджет параметрларини шакллантиришда аниқ ва ишончли прогнозлардан фойдаланиш ҳамда молиявий режалаштиришнинг изчиллигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида томонлар фискал бошқарув ва давлат молиясини бошқариш соҳасидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, илғор халқаро тажрибаларни ўрганиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
