Туризм соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-08-27 14:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистонда гастрономик туризм ва меҳмондўстлик индустриясини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, миллий гастрономия индустриясини халқаро профессионал муҳитга интеграция қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
“Gault&Millau” — 1969 йилда журналистлар Анри Go (Henri Gault) ва Кристиан Миё (Чристиан Миллау) томонидан ташкил этилган француз гастрономик гидидир. Нашр дунёнинг энг нуфузли ресторан гидларидан бири бўлган машҳур “Сариқ гид”ни (Guide Jaune) эълон қилади. Бугунги кунда бренд 21 та мамлакатда фаолият юритиб, қарийб 16 мингта ресторан ҳақидаги маълумотлар базасига, 400 га яқин инспектордан иборат тармоққа ҳамда қарийб 20 миллион обуначидан иборат аудиторияга эга.
Учрашувнинг асосий масалаларидан бири Ўзбекистондаги ресторан ва меҳмонхоналарни “Gault&Millau” халқаро экспертлари томонидан мустақил баҳолаш имконияти бўлди. Бунда инспекциялар аноним тарзда фаолият юритувчи мутахассислар томонидан ўтказилиши, натижалар ва тавсиялар эса халқаро ҳамда миллий ахборот ресурсларида эълон қилиниши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳажми 200–250 саҳифадан иборат, ўзбек ва инглиз тилларида тайёрланадиган ҳамда 2 500 нусхада нашр этиладиган Ўзбекистон миллий гастрономик гидини ишлаб чиқиш ва нашр этиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши — “Gault&Millau” халқаро платформасида Ўзбекистонга бағишланган махсус рақамли бўлим яратиш. Мазкур бўлим орқали мамлакатимиз ресторанлари, меҳмонхоналари ва гастрономик маҳсулотларини кенг халқаро аудиторияга тақдим этиш имконияти яратилади.
Мазкур ташаббусларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ресторан ва меҳмонхона индустриясининг халқаро миқёсдаги мустақил баҳосини шакллантириш, мамлакатнинг истиқболли гастрономик йўналиш сифатидаги нуфузини ошириш, “Gault&Millau” глобал рақамли платформасидаги иштирокини кенгайтириш ҳамда халқаро сайёҳлар, профессионал ҳамжамият ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборини янада жалб этишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди ҳамда келгусидаги қўшма тадбир ва лойиҳаларни келишиш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олди.