Ўзбекистон ва Сингапур адлия вазирликлари ҳамкорлиги
2026-08-27 09:35:00 / Янгиликлар
“Singapore Convention Week 2026” доирасида Адлия вазири Акбар Ташкулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сингапур Ҳуқуқ вазири Эдвин Тонг билан музокаралар ўтказди.

Мулоқотда икки мамлакат адлия тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш, ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича мунтазам тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қатор амалий йўналишларда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди:
- тўловга қобилиятсизлик (банкротлик) — Сингапурнинг замонавий қонунчилик модели ва бизнесни соғломлаштириш амалиётини ўрганиш;
- Legal Tech ва сунъий интеллект — адлия хизматларини рақамлаштириш ҳамда замонавий технологияларни ҳуқуқий жараёнларга жорий этиш;
- медиация ва арбитраж — низоларни судгача ва муқобил ҳал этишнинг самарали механизмларини ривожлантириш;
- эксперт кўмаги — Ўзбекистонда амалга оширилаётган янги ҳуқуқий ислоҳотларга сингапурлик мутахассисларни жалб этиш;
- қўшма тадбирлар — конференциялар, форумлар ва стажировка дастурларини биргаликда ташкил этиш.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни аниқ амалий лойиҳаларга айлантириш бўйича ишларни давом эттиришга келишилди.
Мақсад — илғор халқаро тажрибани Ўзбекистон ҳуқуқий тизимига мослаштириб, адлия хизматларини янада замонавий, самарали ва қулай қилиш.