Хитой компанияси билан меморандум имзоланди
2024-09-11 09:15:00 / Янгиликлар
Хитойда сув ресурсларини самарали бошқариш, тежамкор технологияларни жорий этиш, ирригация тармоқларини бетонлаш, шўрланган майдонларда шўрни ювмасдан юқори ҳосил олиш, инновация ва бошқа йўналишлар бўйича катта тажриба тўпланган.
“Dayu Irrigation Group Co.,Ltd” компанияси сувни самарали бошқариш, сув тежовчи технологияларни қўллаш, суғоришда “ақлли” технологиялардан фойдаланиш борасида етакчилардан бири ҳисобланади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ушбу йўналишларда ҳамкорлик катта самара беришини таъкидлади.
Цуй Цзин хоним компания сел-тошқинга қарши кураш чораларини кўриш бўйича ҳам катта тажрибага эга эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Ўзбекистон сув хўжалиги соҳаси учун фойдали кўплаб инновацияларни таклиф этиш нияти борлигини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг “Dayu Irrigation Group Co.,Ltd” компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.
Шунингдек, “Dayu Irrigation Group Co.,Ltd” компанияси вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти билан илмий йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича Меморандум имзолади.