Рақамли технологиялар соҳасида ҳамкорлик
2026-08-26 11:35:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки мамлакат ўртасида рақамли технологиялар, сунъий интеллект, АТ хизматлари экспорти, стартаплар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Покистоннинг рақамли иқтисодиётдаги салоҳияти, хусусан, мамлакатдаги катта инсон капитали, АТ мутахассислари, фрилансерлар ва технологик компаниялар имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар сунъий интеллект ва дата-марказлар соҳасида ҳамкорлик қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқди. Шунингдек, “Яшил” энергетика асосидаги лойиҳалар, жумладан, рақамли инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ ташаббуслар юзасидан фикр алмашилди.
Фрилансер салоҳиятини янги босқичга олиб чиқиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бунда фрилансерларни фақат хизмат кўрсатувчи мутахассис сифатида эмас, балки ўз рақамли маҳсулотлари ва компанияларини яратадиган стартап асосчиларига айлантириш муҳим вазифалардан бири экани қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан, икки мамлакат стартап экотизимларини яқинлаштириш, венчур фондлар ва технологик тадбиркорлар ўртасида алоқалар ўрнатиш, қўшма рақамли маҳсулотлар яратиш имкониятлари муҳокама қилинди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва таълим соҳаларида ҳар икки мамлакатлар учун халқаро бозорга ҳам чиқиши мумкин бўлган технологик ечимларни ишлаб чиқиш истиқболли йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди.
Учрашувда Покистоннинг АТ компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди ҳамда ушбу компанияларни Ўзбекистонда фаолият юритишга жалб қилиш ва мамлакатни улар учун Марказий Осиё ҳамда МДҲ бозорларига чиқиш нуқтаси сифатида тақдим этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, АТ компанияларини, айниқса, ҳудудларга жалб қилиш бўйича “Zero Risk” дастури имкониятлари муҳокама қилинди. Бунда компанияларга маълум муддатга офис жойларини тақдим этиш, зарур жиҳозлар билан таъминлаш, ходимларни тайёрлаш ва айрим халқаро АТ сертификатларини олиш харажатларини қоплаш ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиш мумкинлиги қайд этилди.
Мулоқотда икки давлат ўртасида АТ хизматлари экспортини кенгайтириш масаласи ҳам кўтарилди. Покистонлик мутахассисларнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этиши, маҳаллий мутахассислар билан тажриба алмашиши ва икки мамлакат компанияларининг учинчи бозорларга биргаликда чиқиши учун шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашувдан сўнг Покистон делегацияси учун Ўзбекистондаги IT Park фаолияти ва имкониятлари бўйича тақдимот ўтказилди.
Тақдимот давомида IT Паркнинг мамлакатда АТ индустриясини ривожлантириш, хорижий ва маҳаллий технологик компанияларни қўллаб-қувватлаш, АТ хизматлари экспортини ошириш ҳамда стартаплар экотизимини шакллантиришдаги ўрни ҳақида маълумот берилди.
Ташриф доирасида Покистон делегацияси UZINFOCOM фаолияти билан ҳам танишди.
Меҳмонларга компания томонидан амалга оширилаётган йирик рақамли лойиҳалар, давлат хизматларини рақамлаштириш, замонавий ахборот тизимлари ва рақамли платформаларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича тажриба тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда давлат бошқаруви ва аҳолига хизмат кўрсатиш жараёнларига рақамли технологияларни жорий этиш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.


