Тадбиркор хотин-қизлар билан очиқ мулоқот
2026-08-26 10:55:00 / Янгиликлар

Ушбу лойиҳанинг дастлабкиси бугун тадбиркор хотин-қизлар иштирокида ўтказилди.
Маълумотларга кўра, хотин-қизлар раҳбарлигидаги корхоналар сони 2026 йилнинг биринчи ярмида 120 мингтага етган. Якка тартибдаги тадбиркор аёллар сони эса қарийб 130 минг нафарни ташкил этмоқда. Эндиги асосий вазифа — бу корхоналарни янада ривожлантириб, барқарор ва рақобатбардош даражага олиб чиқишдир.
Ўтказилган очиқ мулоқот ҳам офлайн, ҳам онлайн шаклда ташкил этилиб, марказий студияда 100 дан ортиқ, ҳудудлардаги 13 та студияда эса 600 нафардан зиёд ишбилармон хотин-қизлар жамланди.
Учрашув давомида тиббиёт, таълим, ишлаб чиқариш, озиқ-овқат ва хизмат кўрсатиш каби турли йўналишларда фаолият олиб бораётган тажрибали тадбиркорлар, шунингдек, ўз ишини эндигина бошлаш истагида бўлган хотин-қизлар сўзга чиқди. Шунингдек, “Аёллар дафтари” кўмагида ўз тадбиркорлигини бошлаб, бугунги кунда фаолиятини янада кенгайтиришни мақсад қилган хотин-қизлар ҳам ўз таклифларини билдиришди.


