Ўзбекистон ва Сингапур ҳамкорликни кенгайтиради
2026-08-25 15:50:00 / Янгиликлар
Адлия вазири Акбар Ташкулов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сингапурда ўтказилаётган “Singapore Convention Week 2026” халқаро тадбирларида иштирок этмоқда.

Ҳафталик доирасида медиация, арбитраж, халқаро тижорат низолари, ҳуқуқий технологиялар ҳамда сунъий интеллектнинг низоларни ҳал этишдаги ўрни бўйича илғор тажрибалар муҳокама қилинмоқда.
Адлия вазири раҳбарлигидаги делегация Сингапур Интеллектуал мулк идораси (IPOS) раҳбари Тан Конг Ҳwе билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот якунида:
- интеллектуал мулкни тижоратлаштириш ва иқтисодий активга айлантириш;
- патент экспертизасини рақамлаштириш;
- интеллектуал мулк билан боғлиқ низоларни медиация орқали ҳал этиш бўйича тажриба алмашишга келишилди.
Шунингдек, Сингапур мутахассислари иштирокида интеллектуал мулкни тижоратлаштириш ва стартаплар акселерацияси бўйича тренинглар ташкил этиш орқали ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Мақсад — халқаро тажрибани миллий амалиётга олиб кириш, интеллектуал мулкни иқтисодий қийматга айлантириш ва низоларни тез ҳамда самарали ҳал этиш механизмларини ривожлантириш.
