Пахтани чуқур қайта ишлаш бўйича муҳим вазифалар белгиланди
2026-08-21 09:25:00 / Янгиликлар

Йиғилишда пахтани етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш, тайёр тўқимачилик маҳсулотига айлантиришгача бўлган жараённинг барча босқичлари атрофлича таҳлил қилинди. Хусусан, жорий йил якунлари, пахта етиштириш кўрсаткичлари, ип-калава ишлаб чиқариш ва уни қайта ишлаш даражаси, шунингдек, фаолият юритаётган корхоналарнинг мавжуд ҳолати ва ишлаб чиқариш салоҳияти юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, пахта хомашёсини қайта ишлаш билан чекланиб қолмасдан, унинг ҳар бир босқичида қўшимча қиймат яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан, пахтани чуқур қайта ишлаш занжирини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва тайёр маҳсулот улушини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар давомида сунъий тола асосидаги ип-калава ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ҳамда тўқимачилик корхоналарининг хомашё ва молиявий ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилиш якунида билдирилган таклифлар ва таҳлиллар асосида соҳада мавжуд муаммоларга аниқ ечимлар ишлаб чиқиш, пахтани чуқур қайта ишлаш кўламини кенгайтириш ҳамда тайёр, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ошириш бўйича тегишли масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

