Германиялик олимлар билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
2026-08-20 09:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Германия ўртасида олий таълим, илм-фан, инновациялар ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, илмий-тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш, технологиялар трансферини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини рақамли трансформация қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда Ўзбекистонда олий таълим сифатини ошириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини кучайтириш, амалий тадқиқотларни ривожлантириш, инновацион экотизимни шакллантириш, университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, технологиялар трансфери механизмларини такомиллаштириш ҳамда “Саноат 4.0” ва ақлли ишлаб чиқариш тизимларини жорий этиш устувор йўналишлар сифатида қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан, Fraunhofer IPKнинг амалий тадқиқотлар, технологиялар трансфери ҳамда давлат, академик доиралар, илмий-тадқиқот муассасалари ва саноат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича тажрибаси Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Учрашув давомида ҳамкорликнинг бир қатор аниқ йўналишлари бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, Fraunhofer халқаро мобиллик дастури ва Fraunhofer Attract грант дастурлари асосида “Fraunhofer–Ўзбекистон ёш тадқиқотчилар мобиллик дастури”ни йўлга қўйиш таклиф этилди. Дастур доирасида ўзбекистонлик ёш олимларни 3–6 ой муддатга Fraunhofer лабораторияларига юбориш ва уларнинг кейинчалик маҳаллий корхоналарда амалга ошириладиган тижоратлаштириш лойиҳаларига жалб этилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Тошкент давлат техника университети қошида “Сув ва яшил энергетика технологиялари” йўналишида Fraunhofer Innovation Platform ташкил этиш, Тошкент архитектура-қурилиш университетида робототехника ва сунъий интеллект бўйича рақамли лаборатория очиш ташаббуслари илгари сурилди.
Бундан ташқари, саноат ва оқова сувлардан ресурсларни қайта ажратиб олиш бўйича қўшма пилот лойиҳани Германия Таълим ва тадқиқотлар федерал вазирлигининг Марказий Осиё учун грант дастурига биргаликда тақдим этиш, илмий ишланмаларни халқаро платформалар орқали саноатга интеграция қилиш ва уларни тижоратлаштириш бўйича Fraunhofer тажрибасидан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашувда иштирок этган Ўзбекистон олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари ҳам ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари бўйича ўз таклифларини билдирди.


