Халқаро валюта жамғармаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-09-09 10:00:00 / Янгиликлар
Учрашувда ХВФнинг солиқ бошқаруви масалалари бўйича маслаҳатчиси Георгий Канделаки ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров, Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Солиқ-божхона сиёсати ва даромадлар прогнози департаменти директори Шоҳрух Сафаров ва бошқа масъул вакиллар иштирок этдилар.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, ислоҳотлар доирасида солиқ тизимини такомиллаштириш, жумладан, солиқ маъмурчилиги соҳасини тартибга солиш ва янада ривожлантириш, солиқ хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, суҳбатда томонлар солиқ бошқарувини ривожлантиришда жаҳондаги илғор ва муваффақиятли тажрибаларни, жумладан, рақамли технологияларни кенг жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида томонлар манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва янада кенгайтириш, шунингдек, юқорида қайд этилган соҳаларда олдинга қўйилган мақсадларга етишда тизимли фаолият олиб боришга келишиб олдилар.