“Rothschild&Co” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2024-09-06 12:05:00 / Янгиликлар
Учрашувда меҳмонлар томонидан “Rothschild&Co” компаниясининг бошқарувчи директори, МДҲ бўйича раҳбари Жованни Салветти, компаниянинг қайта қуриш ва молиялаштириш бўйича маслаҳатчиси Саймон Бард, “Rothschild&Co” компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича бош директори Олег Пушкарев иштирок этди.
Ўзбек вакиллари томонидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Жасур Каршибаев, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ бошқарув раиси Азиз Акбаржонов ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Маълумот учун: “Rothschild&Co” компанияси Rotshild оиласининг француз ва инглиз тармоқлари томонидан назорат қилинувчи молиявий - холдинг компанияси ҳисобланади. “Rothschild” банк фаолияти соҳасида инвестиция-банк хизматлари, корпоратив банк хизматлари, хусусий капитал қўйилмалар, активларни бошқариш ва хусусий банк хизматларини қамраб олади.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимиздаги иқтисодий жараёнлар, хусусан, босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш юзасидан бажарилган ишлар ва уларнинг натижалари, банк-молия соҳасини янги босқичга кўтариш ва давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш, тоғ-конь соҳасида фаолият юритаётган компанияларнинг трансформация жараёнларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, суҳбатда томонлар банкларни хусусийлаштириш юзасидан ўзаро тажрибалар, “Rothschild&Co” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти ҳамда юқоридаги қайд этилган йўналишларда ҳамкорлик қилиш юзасидан фикр алмашдилар.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва олдинга қўйилган мақсадларга эришишда тизимли фаолият олиб боришга келишиб олдилар.