Ҳиндистон компанияси делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2024-09-06 09:20:00 / Янгиликлар

Вазир Ш.Хамраев меҳмонларни ташриф билан қутлади.
- Ҳиндистон билан Ўзбекистон азалдан дўст бўлиб келган. Биз бу мамлакат билан сув хўжалиги соҳасида ҳамкорликдан манфаатдормиз, - деди вазир.
Ўзбекистонда Давлат раҳбарининг ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, сувни бошқариш, каналларни бетонлаштириш, тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.
“WAPCOS Limited” компанияси Ҳиндистоннинг Сув ва энергетика вазирлиги тасарруфидаги давлат корхонаси бўлиб, сув ресурслари, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш соҳасида муҳандислик хизматларини тақдим этиш бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланади. Эллик йилдан ошиқ тажрибага эга компания дунёнинг 75 дан ортиқ давлатида кўплаб лойиҳаларни амалга оширган.
- Бутун дунёда сувга талаб ортиб бораяпти. Келажакда сув танқислигини юмшатиш учун бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш, ўз тажрибаларимизни баҳам кўришни режалаштирганмиз. Шу мақсадда Ўзбекистонга келдик. Ўзбекистон ва Ҳиндистон сув хўжалигининг ўхшаш томонлари кўп. Масалан, бизда ҳам сув ресурсларининг катта қисми қишлоқ хўжалигида ишлатилади. Каналлар, сув омборлари қуриш, сув инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилиш ниятларимиз бор, - дейди жаноб Р.К.Агравал.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорлик дастурларини йўлга қўйиш, хорижий ҳукумат ва молия институтларининг грант маблағларини жалб этиш, Ўзбекистонда чет эл инвестициялари иштирокидаги лойиҳаларнинг тендерларида қатнашиш масалалари муҳокама қилинди.
