Спорт вазирлигида Жазоир элчиси билан учрашув бўлиб ўтди
2026-08-13 14:25:00 / Янгиликлар
Спорт вазирлигида Жазоир Халқ Демократик Республикасининг Ўзбекистондаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Жамила Ашур ҳамда Спорт вазири Адҳам Икрамов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Жазоир ўртасида спорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, спортнинг гандбол, соҳил футболи, волейбол ҳамда баскетбол турлари бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки мамлакатнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Якунда томонлар спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва келгусидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканликларини таъкидладилар.


