Ўзбекистон 2027 йилдан МЕКнинг тўлақонли аъзосига айланади
2026-08-13 11:10:00 / Янгиликлар

Учрашувдан аввал МЕК делегацияси учун IT Park фаолияти ва Ўзбекистонда IT соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг МЕК билан ҳамкорлигини кенгайтириш, халқаро стандартларни жорий этиш, миллий мутахассисларни тайёрлаш ва ўзбекистонлик экспертларни халқаро стандартларни ишлаб чиқиш жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон 2027 йил 1 январдан МЕКнинг тўлақонли аъзосига айланиши қайд этилди. Бу мамлакатга халқаро стандартларни қўллаш билан бир қаторда, уларни ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда МЕК техник қўмиталари орқали бевосита иштирок этиш имконини беради. Ўзбекистон Марказий Осиёда МЕКнинг тўлақонли аъзоси мақомига эга ягона давлат бўлади.
Шу билан бирга, Ф. Метцгер Ўзбекистон МЕК билан ҳамкорликни 2015 йилда Ҳамкорлик дастури иштирокчиси сифатида бошлаганини, 2023 йилда ассоциацияланган аъзо мақомини олганини ва қисқа вақт ичида тўлақонли аъзоликка ўтишга эришганини таъкидлади.
Учрашувда МЕК томонидан 11 мингдан ортиқ халқаро стандарт ишлаб чиқилгани, Ўзбекистонда эса уларнинг қарийб 2 мингтаси қабул қилингани қайд этилди. Айниқса, АТ, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, электротехника, энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта салоҳият мавжудлиги қўшимча қилинди.
Томонлар миллий экспертларни тайёрлаш, уларнинг МЕК техник қўмиталарида иштирокини кенгайтириш ҳамда халқаро мувофиқликни баҳолаш тизимларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олдилар.
Учрашув якунида халқаро стандартларни жорий этиш орқали Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди.


