Аграр соҳада сунъий интеллект ва инновациялар сари янги қадам
2026-08-11 10:10:00 / Янгиликлар

Учрашувда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини аграр соҳага жорий этиш, инновацион таълим ва инсон капиталини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект асосида қарор қабул қилиш тизимлари, “ақлли” технологиялар ва маълумотларга асосланган бошқарувни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, UC Berkeley билан таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, профессор ва экспертларни Ўзбекистонга жалб этиш, талабалар ва маҳаллий мутахассислар учун амалий машғулотлар ҳамда қўшма таълим ва тадқиқот дастурларини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувда сунъий интеллект инновация паркини ташкил этиш бўйича дастлабки концептуал ёндашув ҳам тақдим этилди. Унда АИ технологияларини агротехнологиялар, саноат, энергетика, логистика ва бошқа устувор соҳаларда қўллаш, инновацион лойиҳалар учун таълим ва амалий тайёргарлик муҳитини яратиш таклиф этилди.
Учрашувнинг муҳим мавзуларидан яна бири — сунъий интеллект даврида таълим ва инсон капиталини ривожлантириш бўлди. Профессор Яҳё Табеш технологик билимлар билан бир қаторда ижодкорлик, ахлоқий тафаккур, инсонпарварлик ва тасаввурни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
“Сунъий интеллект инсон қобилиятининг ўрнини босмаслиги, аксинча, уни кучайтириши керак”, деган ёндашув учрашувнинг асосий ғояларидан бири бўлди.
Шу нуқтаи назардан, қишлоқ хўжалиги таълимида лойиҳа асосида ўқитиш, амалий масалаларни ҳал қилиш ва ижодий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган замонавий ёндашувларни жорий этиш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди.

