Аграр соҳада янги ҳамкорлик йўналишлари белгиланди
2026-08-07 14:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда аграр тармоқда ўзаро манфаатли шерикликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш, аграр илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига замонавий техника ва илғор технологияларни кенг жорий этиш йўналишларида ҳамкорлик имкониятларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Мулоқот давомида Эронга минерал ўғитлар ҳамда дуккакли экинлар экспортини кенгайтириш, шунингдек, уруғчилик, балиқчилик ва наслчилик соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Шунингдек, Эроннинг аграр соҳадаги илғор тажрибасини ўрганиш, замонавий агротехнологияларни мамлакатимизда жорий этиш, мутахассислар малакасини оширишга қаратилган ўқув ва амалий дастурларни ташкил этиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Учрашув якунида томонлар аграр соҳадаги ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инновацион ечимларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб, белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

