Ўзбекистон–Ҳиндистон бизнес ҳамкорлигининг истиқболлари белгиланди
2026-08-04 12:20:00 / Янгиликлар

Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ҳиндистон Савдо ва саноат вазири Пиюш Гоял, Ҳиндистон Савдо-саноат палаталари федерацияси (FICCI) ҳамда Invest India агентлиги раҳбарлари, шунингдек, икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ ишбилармон доиралари ва етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Форум давлат ва бизнес кун тартибини ўзида мужассам этди. Иштирокчилар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилиб, уни ривожлантиришнинг асосий захираларини белгиладилар ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини аниқладилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон халқлари ўртасидаги асрлик дўстлик бугунги кунда стратегик шериклик ва ўзаро ишончга таянади. Икки давлат раҳбарлари белгилаб берган йўл туфайли икки томонлама муносабатлар савдо, инвестиция ва саноат кооперацияси ташаббуслари билан изчил бойиб бормоқда.
Форумнинг асосий мавзуларидан бири ўзаро савдо бўлди. Ўтган йил якунларига кўра, товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ошиб, илк бор 1,3 миллиард АҚШ долларидан ошди. Томонлар бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириш, тартиб-таомилларни соддалаштириш ва маъмурий тўсиқларни қисқартириш орқали ушбу кўрсаткични 2 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган. Шу мақсадда Савдога кўмаклашиш бўйича Англашув меморандуми тайёрланмоқда.
Икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро бир-бирини тўлдирувчи хусусияти алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари, ўғитлар, кимё маҳсулотлари, рангли металлар, тўқимачилик, электротехника маҳсулотлари ҳамда бошқа саноат маҳсулотлари экспортини кенгайтиришга тайёр. Ҳиндистондан эса фармацевтика маҳсулотлари, технологиялар, машина ва ускуналар ҳамда автомобиль бутловчи қисмлари импортини ошириш имкониятлари мавжуд.
Инвестиция кун тартиби ҳам алоҳида кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги қарийб 400 та корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели эса 5 миллиард АҚШ долларидан ошади. Ҳиндистон бизнеси бозорни ўрганиш босқичидан амалий инвестициялар босқичига ўтаётгани қайд этилди.
Устувор йўналишлар сифатида металлургия ва кончилик саноати, кимё, энергетика ва рақамли инфратузилма, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш, машинасозлик ҳамда агросаноат мажмуаси белгиланди. Асосий эътибор хомашёни чуқур қайта ишлаш, маҳаллийлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қайта тикланувчи энергетика ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ривожлантириш, шунингдек, замонавий тиббиёт ва агросаноат объектларини барпо этишга қаратилди.
Иштирокчиларга Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ва экспорт майдони сифатидаги афзалликлари тақдим этилди. Корхоналарни мамлакатда маҳаллийлаштириш инвесторларга жадал ривожланаётган ички бозор ҳамда бошқа минтақаларга экспорт қилиш учун кенг имкониятлар яратиши таъкидланди.
B2B ва G2B учрашувлари давомида компаниялар ва давлат идоралари вакиллари аниқ таклифлар, ҳамкорлик шакллари, молиялаштириш механизмлари ҳамда кейинги қадамларни муҳокама қилдилар. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги истиқболли лойиҳаларни майдон танлаш ва молиялаштиришни шакллантиришдан тортиб, объектларни ишга туширишгача бўлган барча босқичларда ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини тасдиқлади.
Ўтказилган музокаралар ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаш ҳамда амалий кун тартибини шакллантириш имконини берди. Эндиликдаги устувор вазифа энг пухта ишлаб чиқилган таклифларни қисқа муддатда аниқ инвестиция лойиҳаларига айлантиришдан иборат.


