Ўзбекистон ва Италия қурилиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
2026-07-30 11:55:00 / Янгиликлар

Мулоқот аввалида вазир элчини Ўзбекистондаги дипломатик миссияси бошлангани билан табриклаб, фаолиятида муваффақият тилади.
Шундан сўнг Ўзбекистон ва Италия ўртасида қурилиш, архитектура, шаҳарсозлик ҳамда уй-жой коммунал хўжалиги йўналишларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар, хусусан, ҳудудларни барқарор ривожлантириш, замонавий урбанистик ечимларни татбиқ этиш, энергия тежамкор ва экологик қурилиш технологияларидан фойдаланиш, биноларнинг сейсмик хавфсизлигини ошириш ҳамда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш бўйича ҳамкорлик имкониятларига эътибор қаратдилар.
Италиянинг архитектура ва муҳандислик соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ва уни Ўзбекистон шароитида қўллаш имкониятлари ҳам мулоқотнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Шу билан бирга, икки мамлакатнинг соҳа ташкилотлари, илмий муассасалари ва ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш, мутахассислар иштирокида қўшма семинарлар ташкил этиш ҳамда амалий лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув якунида белгиланган йўналишлар бўйича ишчи алоқаларни изчил давом эттириш, истиқболли ташаббусларни биргаликда ишлаб чиқиш ва уларни амалий лойиҳаларга айлантиришга келишиб олинди.

