Халқаро ҳамкорлик
2024-08-28 14:30:00 / Янгиликлар
Учрашув аввалида, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари барча соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасида ҳам тобора ривожланиб бораётганлиги, Ўзбекистон – Туркия муносабатлари охирги беш йилда жадал ривожланганлиги таъкидланди.
“Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро тадбирларда Туркия вакиллари доимий равишда иштирок этиб келмоқдалар. Хусусан, жорий йил июнь ойида Зоминда ташкил этилган Халқаро мақом санъати анжуманида Туркия Президенти маслаҳатчиси Ялчин Топчу иштирок этгани Раҳбариятимиз томонидан алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, айни кунларда Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида туркиялик мусиқашунос олимлар қатнашаётгани ҳамда халқаро ҳайъат аъзолигида Туркия вакили иштирок этаётгани бизни қувонтиради.” - деди вазир Озодбек Назарбеков.
Учрашув давомида Туркия Республикасининг Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой томонидан 2025 йилда “Туркия маданияти кунлари”ни Ўзбекистонда ташкил этиш таклиф этилди.
Учрашув якунида, маданият ва санъат соҳасида ҳамкорликнинг кўламини янада кенгайтириш борасида бир қатор масалалар келишиб олинди.