Янги лойиҳалар ва саноат кооперацияси: Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорликни янада чуқурлаштирмоқда
2026-07-29 09:25:00 / Янгиликлар

Тадбирда Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков, Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги директори Равшанбек Сабиров, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда Қирғиз Республикаси иқтисодиёт ва тижорат вазири Бакйт Сйдйков иштирок этди. Форум ишида, шунингдек, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, тараққиёт институтлари ҳамда етакчи компаниялари раҳбарлари қатнашди.
Форум Ўзбекистондан 115 нафар, Қирғизистондан эса 95 нафар бизнес вакилларини бирлаштирди. Иштирокчиларнинг кенг тармоқ қамрови давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда саноат кооперациясининг янги йўналишларини батафсил муҳокама қилиш имконини берди.
Таъкидланганидек, икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва стратегик қарашлари туфайли Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлиги мисли кўрилмаган даражада юксалди.
Форумнинг асосий мавзуларидан бири ўзаро савдо бўлди. Сўнгги ўн йил давомида товар айирбошлаш ҳажми етти баравардан кўпроқ ошиб, 1,2 миллиард АҚШ долларига етди. Жорий йилнинг январь–июнь ойларида эса ушбу кўрсаткич яна 1,5 баравар ўсиб, 625 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Ушбу суръат сақланиб қолса, келгуси йилнинг ўзидаёқ ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш мақсадига эришиш мумкин.
Томонлар инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперацияси натижаларини ҳам кўриб чиқдилар. Ҳозирги кунда икки мамлакатда ўзаро капитал иштирокидаги 450 га яқин корхона фаолият юритмоқда. Қўшма лойиҳалар автомобилсозлик, тўқимачилик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда амалга оширилмоқда. Уларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим механизмларидан бири бўлган Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси кўмагида транспорт ва логистика, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, энергетика ҳамда молия соҳаларида 28 та лойиҳа амалга оширилмоқда.
Келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида агросаноат кооперацияси, тўқимачилик, фармацевтика ва электротехника белгиланди. Қишлоқ хўжалигида уруғчиликни ривожлантириш, картошка ва шоли етиштириш, чорвачилик ҳамда интенсив боғдорчиликни кенгайтириш режалаштирилмоқда. Тўқимачилик соҳасида жун ва чармни қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Фармацевтика йўналишида икки мамлакатнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини бирлаштириш, арзон ва сифатли дори воситалари турини кенгайтириш ҳамда ташқи бозорларга чиқиш таклиф этилди. Электротехника тармоғида эса бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш, қўшма корхоналар ташкил этиш ва маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига олиб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Форумнинг ишбилармонлик дастури компаниялар ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар майдонига айланди. Унда қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ва мебель ишлаб чиқариш, электротехника, фармацевтика, энергетика, тоғ-кон саноати, логистика, туризм, молия ҳамда савдо соҳаларидаги ташаббуслар муҳокама қилинди. Асосий эътибор барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш, ўзаро етказиб беришни кенгайтириш ва истиқболли ташаббусларни амалий лойиҳаларга айлантиришга қаратилди.
Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликни давом эттириш ҳамда жорий йил якунига қадар Ўзбекистонда биринчи Ўзбекистон–Қирғизистон Ҳудудлар форумини ўтказишга келишиб олдилар. Ушбу тадбир идоралараро ва бизнес мулоқотининг мантиқий давоми бўлади.
Форум якунида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қирғиз Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги ўртасида 2026–2028 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Шунингдек, электротехника маҳсулотларини илгари суриш, уруғчилик, аграр илм-фан, энергетика, соғлиқни сақлаш, гидротехника иншоотлари қурилиши ҳамда саноат зоналарини ривожлантириш соҳаларини қамраб олган битим алмашилди. Мазкур ҳужжатлар янги лойиҳаларни амалга ошириш ва икки томонлама иқтисодий шерикликни янада чуқурлаштириш учун мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос яратди.

