Саудия Арабистони делегацияси Ўзбекистоннинг тиббиётни рақамлаштириш тажрибаси билан танишди
2026-07-28 09:45:00 / Янгиликлар

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, SEHA Virtual Hospital, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, “Uzinfocom” ҳамда Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамкорлигида Халқаро кўп тармоқли виртуал кардиология комиссияси фаолиятига старт берилди.
Мазкур ташаббус икки давлат ўртасида тиббиёт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, мураккаб клиник ҳолатларни етакчи маҳаллий ва халқаро мутахассислар иштирокида масофадан муҳокама қилиш ҳамда беморларга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Тадбир доирасида ушбу комиссиясининг илк йиғилиши ҳам ўтказилиб, рақамли технологиялар орқали кардиологик касалликларни ташхислаш ва даволашга оид мураккаб клиник ҳолатлар етакчи экспертлар иштирокида муҳокама қилинди.
Шунингдек, томонлар рақамли соғлиқни сақлаш соҳасидаги ташаббусларни изчил амалга ошириш ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирдилар.


