Ўзбекистон — Саудия Арабистони: Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди
2026-07-27 12:10:00 / Янгиликлар

Делегациянинг 50 нафардан ортиқ аъзолари сафидан Ўзбекистон –Саудия ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси Муҳаммад Абунайян ҳам ўрин эгаллаган.
Бугун пойтахтимиздаги “Hilton Tashkent” меҳмонхонасида ташриф доирасидаги дастлабки учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев меҳмонлар билан мулоқот ўтказди.
Музокараларда кейинги йилларда давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари икки мамлакат етакчиларининг мунтазам учрашувлари ва юқори даражадаги мулоқотлари туфайли тобора мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йилдаги Саудия Арабистонига давлат ташрифи, 2023 йилдаги “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммити ҳамда 2024 йилда Ар-Риёдда ўтган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти саммити доирасидаги учрашувлар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди.
Учрашувда икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтитиш, соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, тизимда рақамли ечимларни жорий этиш, хусусий тиббиёт ва фармацевтика соҳалариида инвеститсиявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш каби масалалар муҳокама қилинди.
Ташриф доирасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган яна қатор учрашув ва музокаралар ўтказилиши режалаштирилган.

