“Indorama Corporation” билан ҳамкорликда йирик инвестицион лойиҳалар жорий этилади
2026-07-27 11:25:00 / Янгиликлар

Унда компаниянинг Ўзбекистондаги фаолияти якунлари сарҳисоб қилиниб, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва агро-саноат соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги натижалари, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар самарадорлиги ҳамда янги инвестиция ташаббусларини ҳаётга татбиқ этиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар қишлоқ хўжалигида замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, ҳосилдорликни ошириш, пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш ҳамда юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар компания мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги, кимё ва тўқимачилик тармоқларига 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ инвестиция киритиб, Ўзбекистоннинг энг йирик хорижий инвесторларидан бирига айланган.
Учрашувда компаниянинг навбатдаги инвестиция дастури доирасида амалга оширилиши режалаштирилаётган йирик лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, Қашқадарё вилоятида маҳаллий пахта хомашёсига асосланган замонавий ип-калава ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш ташаббуси муҳокама қилинди.
Ҳозирда дастлабки техник-иқтисодий асослаш босқичида бўлган мазкур лойиҳанинг қиймати қарийб 60 миллион АҚШ долларини ташкил этиши режалаштирилган. Лойиҳа экспортбоп, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, компания томонидан умумий қиймати 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган янги инвестиция дастури доирасида агро-саноат, кимё, тоғ-кон ва қайта ишлаш тармоқларида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар халқаро тажриба, илғор технологиялар ва инвестицияларни кенг жалб этиш орқали қишлоқ хўжалигида юқори қўшимча қиймат яратиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда саноат кооперациясини янада ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олдилар.

