Тошкентда GBSF 2026 форуми бўлиб ўтмоқда
2026-07-24 17:30:00 / Янгиликлар

Форумда 45 дан ортиқ мамлакатдан 450 нафардан зиёд халқаро компаниялар раҳбарлари, инвесторлар, давлат органлари вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этиб, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун замонавий ва рақобатбардош экотизим шаклланганини таъкидлади.
Вазир Ўзбекистоннинг энг катта устунлиги унинг ёш ва истеъдодли инсон капитали эканини таъкидлади ва мазкур ислоҳотларнинг халқаро миқёсдаги эътирофи ҳам тобора ортиб бораётгани, хусусан, Ўзбекистон “Country of the Year 2026” — стартап экотизими энг жадал ривожланган давлат сифатида эътироф этилганини қайд этди.
Шунингдек, форум глобал бизнес хизматлари соҳасидаги замонавий тенденциялар муҳокамаси билан давом этди. Сессиялар давомида сервис операцияларини кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, бизнес жараёнларини трансформация қилиш ҳамда сунъий интеллектни глобал хизмат кўрсатиш марказларига жорий этиш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Enterprise Uzbekistan ташаббуси, глобал бизнес хизматлари экотизимини ривожлантириш бўйича халқаро тажриба ҳамда Global Expertise, Antal International, Staff Atlantic ва Sonect (Телеперформанcе) компанияларининг амалий тажрибалари тақдим этилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистонда глобал бизнес хизматлари экотизимини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор меморандумлар имзоланди. Жумладан, IT Park Uzbekistan ва Sonect (Телеперформанcе) ўртасида IT-аутсорсинг ҳамда BPO йўналишларида ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва тажриба алмашиш бўйича меморандум имзоланди.


