Япониянинг “Kubota Corporation” компанияси делегацияси билан учрашув
2026-07-23 09:35:00 / Янгиликлар

Делегацияга компаниянинг Сув ва экологик инфратузилма бўйича халқаро савдо департаменти директори Хирооми Ёшикава бошчилик қилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасида сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш, энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, насос станциялари ҳамда бошқа гидротехника иншоотларини реконструкция қилиш, шунингдек, рақамли бошқарув ва мониторинг тизимларини кенг татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Kubota Corporation” компанияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат сув ресурсларини бошқариш, ирригация ва сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, қўшма пилот лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда мутахассислар малакасини ошириш йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорлик учун ҳуқуқий асос яратади.
Томонлар имзоланган меморандум икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши ҳамда Ўзбекистон сув хўжалиги тармоғига замонавий технологиялар ва илғор халқаро тажрибани жорий этишга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.


