Ўзбекистон аграр ислоҳотлари халқаро эътибор марказида
2026-07-21 17:50:00 / Янгиликлар

COAG 30-сессияси доирасида Ўзбекистон делегацияси халқаро ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказмоқда.
Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ФАО Бош директори Суй Дунюй билан музокаралар олиб борди. Учрашувда Ўзбекистон ва ФАО ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати, шунингдек, истиқболдаги устувор йўналишлар, хусусан, илм-фан, инновациялар ва замонавий технологияларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида Ўзбекистонда аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгаришларига мослашган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда илмий ёндашувларни ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш борасида эришилаётган натижалар юзасидан маълумот берилди.
ФАО Бош директори Суй Дунюй Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, инновацион технологияларни жорий этиш, илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва барқарор агроозиқ-овқат тизимларини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади.
Шунингдек, учрашувда Ўзбекистоннинг аграр илм-фан ва инновациялар соҳасидаги тажрибасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, Марказий Осиё мамлакатлари билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий тадқиқотлар ва мутахассислар алмашинувини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ФАО ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, янги ташаббус ва қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.

