Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар маданият вазирларининг 23-йиғилиши бўлиб ўтди
2026-07-20 09:35:00 / Янгиликлар

Унда ШҲТга аъзо 10 давлатнинг маданият вазирлари ва делегациялари раҳбарлари иштирок этмоқда. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам қатнашиб, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Вазир, аввало, тадбирни юксак савияда ташкил этгани, самимий меҳмондўстлик ва очиқ мулоқот учун яратилган шароитлар юзасидан Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот ва ёшлар сиёсати вазирлигига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, бугунги кунда ШҲТ нафақат сиёсий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида, балки маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашда ҳам муҳим халқаро майдонга айланганини таъкидлади.
Қайд этилганидек, ШҲТ маконида уч миллиарддан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Бу дунё аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этади. Ташкилотга аъзо давлатлар жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб тўртдан бир қисмини ва халқаро савдонинг ўн беш фоиздан ортиғини таъминлаб, ШҲТ маконини дунёдаги энг йирик маданий аудиториялардан бирига айлантирмоқда.
Нутқ давомида сўнгги йилларда ШҲТ доирасида маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, кино намойишлари, конференциялар, фестиваллар ҳамда ижодий алмашинувлар изчил ривожланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, жорий йил 24–25 июнь кунлари Наманган шаҳрида муваффақиятли ўтказилган ШҲТга аъзо давлатлар маданиятлараро мулоқот форуми ҳамда ШҲТ халқ ижодиёти фестивали бунга ёрқин мисол экани таъкидланиб, Наманганда бошланган мулоқотни доимий фаолият юритувчи ҳамкорлик механизмига айлантириш таклифи илгари сурилди.
Ўзбекистон томони ШҲТ доирасида буюк ёзувчи ва маданият арбобларига бағишланган махсус йилларни ўтказиш амалиётини юксак баҳолаб, 2028 йилда Чингиз Айтматов меросини кенг нишонлаш ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, ШҲТнинг умумий маданий тадбирлар рўйхатини шакллантириш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.
Ўз нутқида Озодбек Назарбеков замонавий ахборот маконида маданият соҳаси олдида турган долзарб муаммоларга ҳам тўхталди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда зўравонлик, нафрат ва ёлғон ахборотнинг кенг тарқалиши, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш билан боғлиқ янги имконият ва хавфлар ҳақида фикр билдирди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон томонидан қуйидаги ташаббуслар илгари сурилди:
- ШҲТга аъзо давлатларнинг ёш блогерлари, режиссёрлари ва рақамли контент яратувчилари ўртасида ҳар йили “ШҲТ маданий контенти” танловини ташкил этиш;
- маданият ва санъат соҳасида сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича ШҲТнинг ахлоқий қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
- сунъий интеллект ёрдамида ШҲТ халқларининг буюк тарихий шахслари ва қаҳрамонлари образларини яратиш ҳамда уларнинг меросини виртуал музейлар, анимацион фильмлар, интерактив дарслар ва кўп тилли рақамли платформалар орқали тарғиб этиш;
- креатив иқтисодиёт соҳасида тажриба алмашиш дастурини йўлга қўйиш.
Таъкидланганидек, уч миллиарддан ортиқ аҳолини бирлаштирган ШҲТ маконида креатив иқтисодиётни ривожлантириш миллионлаб янги иш ўринларини яратиш, ёшлар учун кенг имкониятлар очиш ҳамда маданиятнинг иқтисодий салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Нутқ якунида Озодбек Назарбеков маданият халқлар ўртасидаги дўстлик, ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамловчи энг қудратли восита эканини қайд этиб, илгари сурилган ташаббуслар ШҲТ маконидаги маданий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди.

