Хитойнинг “Ant Group” компанияси билан Ўзбекистонда сунъий интеллектни янада ривожлантириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2026-07-16 10:30:00 / Янгиликлар

Ушбу конференция доирасида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитойга ташрифи давомида “Ant Group” компаниясининг халқаро йўналиш бўйича инновациялар ва ечимлар директори Гарри Сиэн бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот давомида сунъий интеллект, маълумотларни қайта ишлаш марказлари, рақамли инфратузилма, молиявий технологиялар ҳамда илғор рақамли ечимлар соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашувда “Ant Group” вакиллари компаниянинг сунъий интеллектни ривожлантириш ва амалиётга жорий этиш бўйича ёндашувини тақдим этди. Қайд этилишича, компания сунъий интеллектни узоқ муддатли стратегиясининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаган бўлиб, турли вазифалар учун иқтисодий самарадорликдан келиб чиқиб мос АI моделларидан фойдаланмоқда.
Шунингдек, сунъий интеллектнинг молиявий хизматлар, соғлиқни сақлаш ва электрон тижорат соҳаларидаги қўлланилиши, deepfake технологияларидан ҳимояланиш, рақамли идентификация, булутли технологиялар ҳамда АI-агентлар бўйича ишлаб чиқилган ечимлар ҳақида маълумот берилди. Компания вакиллари сунъий интеллект технологияларини инсон омилини алмаштириш эмас, балки унинг салоҳиятини янада ошириш воситаси сифатида кўришини қайд этди.
Вазир Ўзбекистонда сунъий интеллект экотизими, ҳисоблаш қувватлари ва дата-марказлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, мамлакатда рақобатбардош электр энергияси нархлари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари ҳамда замонавий дата-марказларни жойлаштириш учун яратилаётган қулай шароитлар тақдим этилди.
Вазир “Ant Group” компаниясига Ўзбекистонни сунъий интеллект инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда компанияга Тошкент шаҳрини минтақавий офис жойлашуви сифатида кўриб чиқишни таклиф этди. “Ant Group” вакиллари минтақадаги фаолиятни босқичма-босқич кенгайтириш имкониятларини ўрганишга тайёр эканини билдирди.
Якунда Шерзод Шерматов Гарри Сиэнни жорий йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган “ICT Week Uzbekistan” тадбирида иштирок этишга таклиф этди.


