Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик ривожланмоқда
2026-07-16 09:40:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг тиббиётни ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тамила Алиева ҳамда соғлиқни сақлаш вазири Элдор Адилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Россия Федерациясига амалга оширган ишчи ташрифи доирасида қатор юқори даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди.
Сафар давомида Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин, Ҳукумат Раисининг ўринбосарлари Алексей Оверчук ва Дмитрий Григоренко билан музокаралар ўтказилди.
Шунингдек, Россия Федерацияси Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Громов билан учрашув бўлиб ўтди.
Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазирлигида вазир Михаил Мурашко билан учрашув бўлиб ўтди. Унда икки мамлакатнинг тиббиёт, илмий ва таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда соҳа мутахассислари иштирок этди.
Музокаралар доирасида тиббий ёрдамни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, телемедицинани ривожлантириш, беморларни масофадан туриб кузатиш ҳамда тиббиёт кадрларини тайёрлаш масалаларига бағишланган экспертлар сессияси ўтказилди.
Томонлар онкология, радиология, ядро тиббиёти, гематология, шошилинч тиббий ёрдам, тиббий реабилитация ва паллиатив ёрдам соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон делегацияси Мажбурий тиббий суғурта федерал жамғармаси, Федерал ҳалокатлар тиббиёти маркази, Россия Федерацияси Президенти Ишлар бошқармаси тасарруфидаги Марказий клиник шифохона ва поликлиника ҳамда «Барвиха» клиник санаторийси фаолияти билан танишди.
Россия томонидан мамлакатнинг етакчи федерал ихтисослаштирилган марказлари фаолиятини ташкил этишнинг замонавий усуллари тақдим этилди. Жумладан, А.Ф.Тсиб номидаги Тиббий радиология илмий маркази, Н.Н.Блохин номидаги Онкология миллий тиббиёт илмий маркази, Миллий тиббиёт илмий гематология маркази ҳамда Дмитрий Рогачёв номидаги Болалар гематологияси, онкологияси ва иммунологияси миллий тиббиёт илмий маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон делегацияси Россия Федерал тиббий-биология агентлиги раҳбари Вероника Скворцова ҳамда Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) раҳбари, Россия Федерациясининг Бош давлат санитария шифокори Анна Попова билан ишчи учрашувлар ўтказди.
Вероника Скворцова билан қон хизмати, трансплантология, биологик хавфсизликни ривожлантириш, биомолекуляр ва биоинженерия технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрлаш, донорларни рақамли кузатиб бориш тизимини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Анна Попова томонидан санитария-эпидемиологик назоратни ташкил этиш, молекуляр-гигиеник диагностика, геномик эпидемиологик таҳлил, юқумли касалликларнинг олдини олиш ҳамда аҳоли саломатлигига таҳдидлар юзага келганда тезкор чора кўриш борасидаги Россия тажрибаси тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Роспотребнадзорнинг ихтисослаштирилган илмий ва лаборатория бўлинмалари фаолияти, санитария-эпидемиологик хавфларни баҳолаш, сув, ҳаво ва озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини назорат қилишда қўлланилаётган замонавий усуллар билан танишди.




