ЕХҲТ билан экология соҳасида минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
2023-06-20 11:50:11 / Янгиликлар

Учрашувда минтақавий даражадаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, хусусан, экотизимларни сақлаш йўналишида илғор тажриба ва инновацияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, экологик таълим ва маданиятни ривожлантириш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлаш ҳамда сув ресурсларини бошқариш ҳақида ҳам сўз юритилди.
“Тошкентда Марказий Осиёда иқлим билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича минтақавий семинар ўтказилиши режалаштирилган, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Мақсадимиз бугунги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда семинарда аниқ таклифлар билдириш ва экологик муаммоларни бартараф этиш борасида самарали натижаларга эришишдир”.
Таъкидлаш жоизки, учрашувда ЕХҲТ томони Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш университетининг ташкил этилишини юқори баҳолади. Қолаверса, экология ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида институционал салоҳиятни ривожлантириш, хусусан, экологик журналистика ва экологик ҳуқуқни ривожлантириш истиқболларини алоҳида эътироф этди.
Бундан ташқари, Игли Ҳасани янги вазирликнинг асосий йўналишлари ҳамда ЕХҲТнинг барча воситалари, жумладан, соҳадаги вакиллари ва ташкилотларни жалб этиш масаласи бўйича кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, ЕХҲТ вакили атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги барча вазирлик ва идоралар раҳбарларини жорий йилнинг июль ойида Венада бўлиб ўтиши режалаштирилган йиғилишга таклиф қилди. Маълумот учун, мазкур йиғилиш Марказий Осиёда иқлим билан боғлиқ хавфларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.


