ТИВ раҳбарининг Туркманистон Республикасига ташрифига оид
2026-07-15 11:45:00 / Янгиликлар

Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги делегация Туркманистон Республикаси Президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан қабул қилинди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг самимий саломи ва эзгу тилаклари етказилди.
Ўзбекистон–Туркманистон стратегик шериклиги жадал ривожланаётгани, барча даражаларда яқин алоқалар давом этаётгани ва товар айирбошлаш ҳажми барқарор суръатларда ўсаётгани қайд этилди.
Томонлар стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ҳамда кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини тасдиқлади.
Шу куни Ашхобод шаҳрида ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан тор доирада музокаралар ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон–Туркманистон стратегик шериклигини янада чуқурлаштириш, олий даражада эришилган келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш ҳамда сиёсий мулоқотни изчил давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ва чегараолди ҳамкорлигини кенгайтириш ҳамда халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан ёндашувлар ўзаро мувофиқлаштирилди.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар, жумладан:
—Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Туркманистон Ҳукумати ўртасида халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим;
—Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2027–2028 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.
Маслаҳатлашувларда Давлат Раҳбарлари томонидан белгиланган вазифалар ижроси, икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари ҳамда минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар сиёсий маслаҳатлашувлар механизми ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги мунтазам мулоқотни мустаҳкамлаш ва бўлажак олий ҳамда юқори даражадаги тадбирлар кун тартибини шакллантиришга хизмат қилишини қайд этди.


