Италиянинг Тоскана ҳудуди ҳамда Бухоро вилояти ўртасида ҳамкорлик
2026-07-15 11:25:00 / Янгиликлар

Таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг март ойида Флоренция шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчиси Абат Файзуллаевнинг Эудженио Жани билан учрашуви чоғида Тоскана ҳудуди ва Бухоро вилояти ўртасида иқтисодий, инвестициявий, савдо ва маданий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган эди.
Бугунги ташриф ушбу келишувнинг мантиқий давоми бўлиб, ниятлардан аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ўтиш учун янги имконият яратди.
Учрашув аввалида вилоят раҳбари Эудженио Жанини Бухорога ташрифи билан қутлади.
— Бухоро ва Тосканани тарихий мерос, маданият, ҳунармандчилик ва бунёдкорлик меҳнатига бўлган алоҳида муносабат бирлаштиради. Ҳар икки ҳудуд ҳам бутун дунёда меъморий ёдгорликлари, кўп асрлик анъаналари, туристик жозибадорлиги ва ўзига хос ҳудудий қиёфаси билан машҳур. Биз Тосканани Бухоро вилоятининг туризм, маданият, саноат кооперацияси, тўқимачилик, чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, таълим, тиббиёт ва замонавий технологиялар соҳаларидаги муҳим ҳамкори сифатида кўрамиз, - деди Ботир Зарипов.
Шунингдек, вилоят ҳокими жорий йил апрель ойида Бухоро ва Сиена шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича келишувга эришилганини мамнуният билан қайд этди. Бухоро томони ушбу алоқаларни маданият, туризм, таълим ҳамда шаҳарсозлик соҳаларида аниқ амалий мазмун билан бойитишга тайёрлигини билдирди.
Қолаверса, “Ромеуалдо Дел Бянко” жамғармасининг Бухорода буюк италиялик рассом ва ҳайкалтарош Микеланжелонинг бюстини ўрнатиш ташаббуси алоҳида рамзий аҳамиятга эгалиги, ушбу лойиҳа Бухоро ва Тоскана ўртасидаги маданий мулоқотнинг ёрқин рамзига айланиши эътироф этилди.
Учрашув давомида ҳудудлар ўртасида иқтисодий, инвеститсиявий, савдо ва маданий соҳаларда ўзаро тенг манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада қатор таклифлар ўртага ташланди.
Ўз навбатида Тоскана ҳудуди президенти ҳамкорлик ташаббусларини амалга ошириш ва илғор тажриба алмашинувини ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.
Шундан келиб чиқиб, Тоскана ҳудуди ҳамда Бухоро вилояти ўртасида ҳамкорлик ва дўстона муносабатларни ривожлантириш тўғрисида қўшма декларация имзоланди.
Суҳбат давомида томонлар мазкур ҳужжат ҳудудлараро алоқаларни институционал асосда ривожлантириш, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.


