Латвия элчиси билан рақамли технологиялар, почта алоқаси ва электрон тижорат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилинди
2026-07-13 09:50:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон ва Латвия ўртасида рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, рақамли трансформация, сунъий интеллект, киберхавфсизлик, рақамли давлат хизматларини ривожлантириш, булутли технологиялар, АТ соҳасидаги ҳамкорлик ҳамда мутахассислар тайёрлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар икки мамлакат ўртасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мавжуд ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, амалий лойиҳалар сонини кўпайтириш, давлат идоралари, технологик компаниялар ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидладилар.
Латвия томони Ўзбекистон делегациясини жорий йил 21-22-октябрь ойида Латвияда ўтказиладиган Techritory халқаро форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар стартаплар экотизимини ривожлантириш, венчур инвестицияларни жалб қилиш, технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Ўзбекистонда жорий этилаётган стартапларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари, жумладан, хусусий инвестицияларни рағбатлантиришга қаратилган дастурлар ҳақида маълумот берилди.
Учрашувда IT Park Uzbekistan фаолияти, АТ аутсорсинг хизматлари экспортини кенгайтириш, Европа компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, мамлакат ҳудудларида ташкил этилаётган IT Park филиаллари имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳамда хорижий компаниялар учун яратилган қулай шарт-шароитлар юзасидан ҳам муҳокамалар ўтказилди.
Шунингдек, почта алоқаси хизматлари ва электрон тижорат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, икки мамлакат почта операторлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро почта алмашинувини кенгайтириш, электрон тижорат юкларини ташиш бўйича замонавий логистика ечимларини жорий этиш ҳамда Ўзбекистон ва Латвия орқали Марказий Осиё ҳамда Европа ўртасида электрон тижорат юкларини ташиш йўлакларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар рақамли технологиялар, сунъий интеллект, инновациялар, стартаплар экотизими, почта алоқаси, электрон тижорат ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги амалий мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

