Минскда Ўзбекистон ва Беларус маданият вазирлари учрашди
2026-07-08 10:00:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида икки давлат ўртасида маданият ва санъат соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболдаги устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Томонлар маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, театр, кино, музей, кутубхона, маданий таълим ҳамда ижодий жамоалар алмашинувини ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
“Бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларус ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорлик изчил ва самарали ривожланмоқда. Бу, аввало, давлатларимиз раҳбарлари ўртасида қарор топган дўстона ва ўзаро ишончга асосланган муносабатлар самарасидир. Мамлакатларимизда ўзаро “Маданият кунлари” ва “Кино кунлари”ни ўтказиш эзгу анъанага айланди. Ўтган йили Ўзбекистонда бўлиб ўтган “Беларус Республикаси маданияти кунлари” мамлакатимиз маданий ҳаётидаги энг ёрқин воқеалар бири бўлди. Ўзбекистоннинг ижодий жамоалари ва санъаткорлари Витебск шаҳрида ўтказиладиган нуфузли “Славянский базар” халқаро санъат фестивалида мунтазам иштирок этиб келмоқда. Бугун вазирликлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йўл харитаси”ни имзолашни режалаштирганмиз. Ишончим комилки, ушбу ҳужжат қўшма фаолиятимиз учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга кенг йўл очади” — деди вазир Озодбек Назарбеков.
Учрашувда вазирлар томонидан маданият ва санъат соҳасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, икки вазирлик вакилларидан иборат доимий қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш таклиф қилинди. Мазкур тузилма маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик йўналишларини мувофиқлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва истиқболли ташаббусларни илгари суришга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, кинематография соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакатнинг умумий маданий мероси, тарихи ва бугунги ҳаётига бағишланган бадиий ҳамда ҳужжатли фильмларни биргаликда ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли дастур ишлаб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Маданият соҳасини рақамлаштириш йўналишида ҳам ҳамкорликни ривожлантириш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Томонлар музейлар, театрлар, концерт ташкилотлари ва бошқа маданият муассасаларида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш борасида тажриба алмашишдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Беларус ҳудудлари ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, маданият муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма маданий лойиҳаларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш зарурлиги таъкидланди.
Адабий алоқаларни ривожлантириш масаласи ҳам музокараларнинг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Томонлар буюк беларус ёзувчиси Якуб Коласнинг таниқли ўзбек шоирлари Ҳамид Олимжон ва Зулфия билан дўстлиги асос солган эзгу анъаналарни давом эттириш, Ўзбекистон ва Беларус адиблари ҳамда шоирлари иштирокидаги учрашувларни мунтазам ташкил этиш таклифини илгари сурдилар.
Учрашув якунида, мазкур ташаббуслар Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни янада бойитиш, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Маълумот учун: жорий йилнинг 7–8 июль кунлари Беларус Республикасида ўтказилаётган “Ўзбекистон маданияти кунлари” дастури доирасида “Ўзбек киноси кунлари”нинг тантанали очилиш маросими ҳамда ўзбек фильмларининг намойиши, Минск шаҳрида ўзбекистонлик санъат усталари иштирокидаги гала-концерт дастури, “Янги Ўзбекистон” фото кўргазмаси, шунингдек, икки давлат делегациялари ўртасида қатор расмий учрашув ва музокаралар режалаштирилган.


