ТИВ раҳбарининг Иордания ташқи ишлар вазири билан учрашуви тўғрисида
2026-07-07 09:15:00 / Янгиликлар

Мулоқот давомида томонлар ўтган йили Самарқандда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон–Иордания кенг қамровли шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Бўлажак олий ва юқори даражадаги ташрифлар ҳамда бошқа қўшма тадбирлар жадвали кўриб чиқилди.
Икки томонлама мулоқотлар ва ўзаро алмашинувлар фаол тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Сиёсий мулоқотларни янада фаоллаштириш, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги яқин мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий, инвестиция, транспорт-логистика, туризм, қишлоқ хўжалиги, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ амалий қадамлар белгилаб олинди. Амман–Тошкент тўғридан-тўғри авиақатновининг йўлга қўйилгани ва Ишбилармонлар кенгаши фаолияти мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирилди.
Шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа кўп томонлама платформалар доирасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёрлик тасдиқланди.
Иордания Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги муҳим ва ишончли ҳамкори экани қайд этилиб, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янги мазмун билан бойитиш йўлидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга қатъий интилиш билдирилди.


