Спорт вазирлигида Германиянинг Prosica GmbH компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди
2026-07-07 09:15:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адкҳам Икрамов, Ўзбекистон Давлат спорт академияси ректори Илҳомжон Турсуналиэв ҳамда Prosica GmbH компаниясининг катта маслаҳатчиси Транг До иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, Prosica GmbH таълим, амалий тадқиқотлар, технологиялар трансфери ва инсон ресурсларини халқаро ривожлантириш йўналишларида фаолият юритади. Компания ахборот технологиялари (IТ) ва сунъий интеллект (АI) соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, рақамли трансформация жараёнларини қўллаб-қувватлаш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш ҳамда инсон капиталини замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга ихтисослашган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда футболни ривожлантириш, спорт таълими тизимини рақамлаштириш, сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологияларни таълим жараёнига жорий этиш, шунингдек, хорижий тилларни ўқитиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида меҳмонлар Ўзбекистон Давлат спорт академиясида яратилган шарт-шароитлар, таълим жараёни, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият, спортчиларни тайёрлаш тизими ҳамда академиянинг халқаро ҳамкорлик йўналишлари билан танишдилар.
Томонлар мазкур йўналишларда қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, илғор халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашдилар.
Меҳмонлар Олимпия шаҳарчасидаги спорт иншоотлари ва мажмуаларда ўтказилаётган спорт мусобақаларини ҳам кўздан кечирдилар.


