МBК Holding билан сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик кенгайтирилади
2026-07-02 14:00:00 / Янгиликлар

Учрашув давомида сунъий интеллект, рақамли инфратузилма, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, ахборот технологиялари соҳасида инвестицияларни жалб этиш ҳамда инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистонни сунъий интеллект ва илғор рақамли технологиялар бўйича Марказий Осиё ҳамда МДҲ минтақасининг муҳим марказларидан бирига айлантириш, мамлакатнинг ёш ва истеъдодли мутахассисларини халқаро лойиҳаларга жалб этиш, сунъий интеллект йўналишида юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда юқори даромадли янги иш ўринларини яратиш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, сунъий интеллект ечимларини соғлиқни сақлаш, таълим ва давлат бошқаруви тизимларига жорий этиш, Ўзбекистонда фаолият юритаётган халқаро АТ компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда мамлакатнинг инсон капитали салоҳиятидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Учрашувда илмий ишланмаларни тижоратлаштиришнинг замонавий ёндашувлари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, олимларнинг асосий эътиборини илмий изланишларга қаратган ҳолда, инновацион ишланмаларни хориж бозорига олиб чиқиш бўйича масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонни минтақавий АТ ва сунъий интеллект хабига айлантириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, истиқболли стартапларни қўллаб-қувватлаш, халқаро бозорларга йўналтирилган АИ маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва экспорт қилиш, шунингдек, илм-фан, таълим ҳамда бизнесни ўзаро боғлайдиган барқарор инновацион экотизимни шакллантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Якунда томонлар истиқболли йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва узоқ муддатли стратегик шерикликни ривожлантириш юзасидан келгусидаги амалий қадамларни белгилаб олдилар.

