Ўзбекистон ва Грузия Тбилиси бизнес-форуми доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
2026-07-02 10:20:00 / Янгиликлар

Ушбу тадбир Ўзбекистон ва Грузия давлат тузилмалари, молиявий институтлари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасида очиқ мулоқот учун самарали майдонга айланди.
Форум Ўзбекистон Республикаси Президентининг кейинги 23 йилдаги Грузияга илк расмий ташрифи арафасида ўтказилгани тадбирга алоҳида аҳамият бахш этди ҳамда томонларнинг амалий ҳамкорликнинг янги босқичига ўтишга тайёрлигини кўрсатди.
Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ҳамда Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Мариам Квривишвили қутлов сўзлари билан чиқиш қилдилар.
Форумда икки мамлакатнинг компаниялари, молиявий институтлари, эркин индустриал зоналари, тармоқ уюшмалари ва консалтинг ташкилотларининг қарийб 300 нафар раҳбарлари ҳамда вакиллари иштирок этди. Грузия ишбилармон доиралари Poti Free Industrial Zone, Tbilisi Free Zone, Hualing Free Industrial Zone, TBC Bank, Bank of Georgia, PwC, Grant Thornton, Maersk, Aramex Georgia, Softgen, DataMind, GM Pharmaceutica ва Aversi-Rational, шунингдек логистика, энергетика, қурилиш, фармацевтика, IТ, туризм, меҳмонхона бизнеси, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар томонидан намоён этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон иқтисодий ривожланишининг асосий кўрсаткичлари тақдим этилди: 2017 йилдан буён мамлакат иқтисодиёти икки баробар ўсди, 2025 йилда эса ЯИМ ўсиши 7,7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, хорижий инвесторлар ишончининг сезиларли даражада ортгани қайд этилди - агар 2017 йилда мамлакатда хорижий капитал иштирокидаги 4 мингга яқин корхона фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 20 мингтага етди.
Ўзбекистон-Грузия савдо-иқтисодий муносабатларининг ижобий динамикасига алоҳида эътибор қаратилди. 2025 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 268 миллион долларни ташкил этди, бунда томонларнинг умумий мақсади ушбу кўрсаткични 1 миллиард долларга етказиш, шу билан бирга оддий савдо-сотиқдан саноат кооперацияси, инвестициялар, қўшма ишлаб чиқариш ва учинчи мамлакатлар бозорларига чиқишга ўтишдан иборат.
Ушбу кун тартибининг давоми сифатида форум иштирокчилари аниқ шерикликнинг янги босқичи учун асос бўла оладиган асосий йўналишларни кўриб чиқдилар. Марказий блоклардан бири транспорт ва логистика бўлди, жумладан, Ўрта коридор салоҳиятидан фойдаланиш ҳамда Грузиянинг Ўзбекистон учун Қора денгиз ва Европа бозорларига табиий чиқиш йўли сифатидаги ўрни муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, Поти эркин индустриал зонасида савдо-логистика ва ишлаб чиқариш хабини ташкил этиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакатнинг логистика боғлиқлиги саноат кооперацияси учун тўғридан-тўғри истиқболларни очади. Шу муносабат билан 2027 йилгача бўлган Саноат ҳамкорлиги дастури қабул қилинади, у Ўзбекистон ва Грузия корхоналари ўртасида янги ишлаб чиқариш қувватларини, инвестиция лойиҳаларини ва барқарор алоқаларни йўлга қўйиш учун амалий йўл харитаси бўлиши керак.
Фармацевтика ва агросаноат мажмуасига алоҳида эътибор қаратилди. Грузия компанияларига Ўзбекистонда, жумладан, «Tashkent Pharma Park» инновацион кластери негизида ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш ва кейинчалик Марказий Осиё бозорларига чиқиш таклиф этилди. Томонлар юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун Ўзбекистоннинг хомашё базаси ва Грузиянинг виночилик, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, брендинг ҳамда премиум қадоқлаш борасидаги тажрибасини бирлаштириш салоҳиятини қайд этдилар.
Энергетика, электротехника саноати ва рақамли хизматлар ҳам муҳим йўналишлар сифатида қайд этилди. IТ-соҳасида, икки мамлакатнинг экспорт ўсиши кўрсаткичлари яқинлигини ҳисобга олган ҳолда, асосий эътибор финтех, электрон тижорат, сунъий интеллект, БПО хизматлари ва савдо-логистика жараёнларини рақамлаштиришга қаратилди.
Молиявий ҳамкорлик реал секторни қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида кўриб чиқилди. Муваффақиятли мисол тариқасида TBC Bank гуруҳининг Ўзбекистондаги фаолияти қайд этилди, бу ерда TBC Bank Group ва унинг ҳамкорлари аллақачон 460 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритган. Келгусида ушбу механизмларни саноат, экспорт ва инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга янада фаол йўналтириш режалаштирилган.
Томонлар туризм соҳасида ҳам ўзаро қизиқишнинг барқарор ўсиб бораётганини таъкидладилар. Грузиядан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими 2019 йилга нисбатан 2,5 баробардан ортиқ ўсди, Ўзбекистон фуқароларининг Грузияга саёҳатлари сони эса 2025 йилда 50,2 фоизга кўпайди. Бу Буюк Ипак йўли, Кавказ ва Қора денгиз минтақасини бирлаштирувчи йўналишларни ривожлантириш, шунингдек, меҳмонхона бизнеси, wеллнесс-туризм ва меҳмондўстлик соҳаси учун кадрлар тайёрлашда биргаликда ишлаш учун истиқболлар очади.
Асосий сессия доирасида, шунингдек, Грузия Савдо-саноат палатаси президенти Георгий Пертая, Ўзбекистон Инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори Роксана Несор ҳамда Грузия инвестиция тузилмалари ва Ўзбекистон бизнеси вакилларининг тақдимотлари бўлиб ўтди.
Форум якунлари бўйича икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бундан ташқари, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантиришга қаратилган B2B ва G2B учрашувлари ўтказилди.

